O'zb
Эътироф: Kundalik методисти таълим тизимидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида
22 noyabr 2019

Бугунги кунда кўплаб соҳаларда ахборот технологиялари муваффақиятли қўлланмоқда. Бу Ўзбекистон таълим тизимини ҳам четлаб ўтмади. Мактабларда Kundalik рақамли таълим платформасининг жорий этилиши ота-оналар ва ўқитувчилар орасида ҳам қизиқиш, ҳам саволларни келтириб чиқарди. Kundalik компанияси методисти Гулнора Исмоилова платформа нима учун зарурлиги ҳақида гапириб бериб, кўпчиликда юзага келаётган саволларга жавоб қайтарди. 

Ўзбекистонда электрон кундаликлар ва журналларни жорий этиш бўйича бир неча уринишлар бўлган. Kundalik платформасининг асосий фарқлари ва афзалликлари нимадан иборат?

Менинг педагогикада 29 йиллик тажрибам бўлишига қарамасдан, бундай кўп функцияли тизимга биринчи марта дуч келдим. Бу нафақат электрон кундалик ва журнал, балки ўқув жараёнининг барча иштирокчилари: ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар, мактаб раҳбарлари ва назоратчи идоралари учун яратилган рақамли таълим платформасидир. У онлайн режимда дарслар жадвалини тузиш, ҳар бир дарс учун режалар тузиш, давомат ва ўзлаштириш ҳисоб-китобини юритиш, автоматик равишда ҳисоботларни шакллантиришга имкон беради. Ўқувчи ва ота-оналар Kundalikда баҳолар ва уй вазифаларини кўришлари, хавфсиз тармоқда мулоқот қилишлари ва қўшимча таълим ресурсларидан фойдаланишлари мумкин. Платформадан фойдаланиш жуда осон, туғиладиган саволларга эса қўллаб-қувватлаш хизмати мутахассислари ҳар доим жавоб беришга тайёр. 

Фикримга кўра, Kundalikнинг бошқа платформалардан асосий фарқи – комплекс  ёндашувда. Биз нафақат маълум бир маҳсулотни жорий этмоқдамиз, балки унинг ёрдамида мамлакатдаги бутун таълим соҳасини модернизация қилмоқдамиз: педагогларга компьютер саводхонлигини ўргатмоқдамиз, мактабларнинг техник жиҳозланганлигини кўрсатиб бермоқдамиз ва ушбу ҳаққоний маълумотларни асл ҳолида тўлиқ таълим вазирлигига тақдим этмоқдамиз, вазирлик эса, улар асосида зарур бўлган жойларда ва ҳажмларда инфратузилмани яхшилайди, компьютерлар билан таъминлайди ҳамда интернетга улайди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда турли соҳаларда рақамлаштириш жараёни амалга оширилмоқда ва таълим соҳаси биринчи навбатда бундай ўзгаришга муҳтож. Мактаблар, ўқитувчилар таркибининг тайёр эмаслиги ва бошқа чекловчи омиллар ҳақида тинмасдан гапириш мумкин. Аммо ҳеч нарса қилинмаса, ривожланиш бўладими?

  

Сизнингча, мактаблар бундай ўзгаришларга тайёрми?
Сиз, ҳеч нима қилмасдан ўтириш ва маълум бир тайёргарлик вақти келишини кутиш керак деб ҳисоблайсизми? Ўзбекистонда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар қандай жорий этилганини эсланг. Ўша пайтда аҳоли бундай сценарийга умуман тайёр эмас эди, ҳеч ким тушунарсиз ва кераксиз бўлиб кўринган карталардан фойдаланишни истамаган эди. Аммо бу иш мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун зарур эди. Кўпчилик улардан қандай фойдаланишни тушунмас, дўконлар тўловларни амалга ошириш учун терминаллар билан яхши жиҳозланмаган эди. Ва эндиликда, бир неча йил ўтгач, тўлов иловалари ёрдамида коммунал тўловлар, давлат автомобиль назорати жарималари ва бошқа хизматлар тўланмоқда. Бу шуни кўрсатадики, жамиятда янгиликларни инкор этиш орқали қабул қилиш одати мавжуд. Шунинг учун, бу ерда асосий нарса, ҳаммаси босқичма-босқич  амалга оширилишидир. 

Ўзбекистондаги барча таълим ташкилотлари ҳам компьютерлар ва интернет билан етарли даражада жиҳозланганмаган, ва биз буни яхши тушунамиз, шунинг учун ҳам биз тизимни фақат тўлақонли ишлаш учун зарур бўлган минимал имкониятлар мавжуд бўлган Тошкент шаҳри ва баъзи вилоят мактабларида жорий этмоқдамиз. Биз таълим вазирлигидан бундай мактабларнинг рўйхатини олган ҳолда, иш бошламоқдамиз. Шунга қарамасдан, уларнинг баъзиларида тизимни жорий этиш жараёнида биз қаердадир заиф интернет, яна бир бошқа жойда компьютерлар борлиги, лекин эскилиги, яна бир ерда эса  ўқитувчилар таркиби ҳамма техник базага эга бўлган ҳолда технологиядан фойдаланишни ўрганишни истамаслигига дуч келмоқдамиз. Биз бу ҳақда таълим вазирлигидаги ҳамкасбларимизни хабардор қилмоқдамиз, токи уларда содир бўлаётган воқеалар ҳақида аниқ тасаввур ҳосил бўлиб, зарур чоралар кўрсинлар. 2021 йил охиригача ХТВ Ўзбекистондаги барча мактабларни юқори тезликдаги интернет ва барча синфларни шахсий компьютерлар билан таъминлашни режалаштирган. 

Кўпинча биздан Kundalikда ишлаш учун ўқитувчилар мустақил равишда планшет ёки смартфон сотиб олишлари керакми, деган савол тез-тез сўралади. Тушунтириб ўтаман: ўқитувчилар ҳеч нарса сотиб олишлари зарур эмас. Тизим уларнинг ҳаётини мураккаблаштириш учун эмас, балки уни осонлаштириш учун жорий қилинмоқда. Бунда мен қоғозбозликдан озод қилиш, ҳисоботларни қўлда ёзиш, ҳар бир дарс бўйича ҳар йили қайта-қайта кўчириладиган дарс режаларини қайта ёзиш ва ҳоказоларни назарда тутяпман.   

Сизнингча, рақамлаштириш Ўзбекистондаги таълим соҳасида қандай акс этади?
Kundalikнинг асосий мақсадларидан бири – бюрократия даражасини пасайтириш ва таълимни янада сифатли, арзон ва ижодий қилишдан иборат. Бунинг натижасида болалар материални яхшироқ ўрганадилар, ёзилган уй вазифаларини текшириш, ота-оналарнинг ўқитувчиларга қўнғироқлари ва ҳакозо каби “маиший” муаммолар ҳажми камаяди.

Мен таълим жараёнининг барча мураккабликларини яқиндан биламан. Бу асосан ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ: журнал юритиш, ҳисоботларни тайёрлаш, ҳар бир дарс бўйича иш режалари – буларнинг барчаси кунба-кун қоғозда тўлдирилади. Таълимни рақамлаштириш ўқитувчининг ҳаётини осонлаштиради ва тинчлаштиради. Журнал йўқолмайди, энди уни бузиб қўйиш мумкин эмас, замазка ҳақида умуман унутишингиз мумкин. Йўқлама қилишлар ва уй вазифасини юз марталаб такрорлаш ўтмишда қолади. Бундан ташқари, “қоғозли” жараёнларни автоматлаштириш жуда кўп вақтни тежайди. Қисқаси, тизим мактабнинг кундалик ҳаётини сезиларли даражада осонлаштиради. Болалардаги барча ютуқлар ва билимидаги бўшлиқлар қайд этиб борилади. Маълумотларнинг очиқлиги ва ишончлилиги ота-оналарга болани йўналтиришга, керакли мавзулар ва фанлар бўйича ўз вақтида шуғулланишга ёрдам беради. 

Технологик янгиликларнинг жорий этилиши ҳар доим кўплаб қийинчиликлар билан бирга кечади. Техник жиҳатдан етарлича билимга эга бўлмаган ўқитувчилар Kundalikда ишлашни қандай ўрганишлари мумкин?

— Тизимда ишлаш кўникмалари лойиҳанинг муваффақиятига бевосита таъсир қилади. Дастлаб, биз юзма-юз семинарлар ва онлайн вебинарларни ўтказишни истаган эдик. Бизнингча, бундай икки томонлама ёндашув ўқитувчиларни Kundalik билан таништириш босқичини тезлаштирмшга имкон берган бўлар эди. Аммо охир-оқибатда вебинарлар ўқитувчилар учун жуда қийин бўлиб чиқди, ҳамма ҳам маълумотларни онлайн режимда қабул қила олмади, шу сабабли ҳам ҳозирча бундан воз кечиш ва кўпроқ машғулотларни жонли равишда ўтказишга қарор қилинди. Бугун мен бошқа методистлар билан биргаликда тизимга уланаётган мактабларда семинар ва маҳорат дарсларини ўтказмоқдаман. Албатта, ҳар доим кўплаб саволлар туғилади, баъзида ўқитувчилар орасида “Мен ўзим қандай қилиб электрон журнални юритишим мумкин?”, деган иккиланиш пайдо бўлади, лекин бу ҳол узоққа бормайди. Илгари компьютерни яхши тушунган ўқитувчилар бугунги кунда тизимнинг ишончли фойдаланувчиларидир. Сизга 1971 йилдан бери 158-мактабда ишлаётган рус тили ва адабиёти ўқитувчиси Татьяна Истахарова мисолида гапириб бераман. Дастлаб, рақамли таълим платформасининг жорий этилиши ҳақидаги хабар унда хавотир уйғотди. Аммо Татьяна Борисовна бир неча ҳафта ичида, ёши катта бўлишига қарамай, интернетда ва Kundalikда ишлашни ўрганиб олди. Эндиликда у ҳар куни, боз устига, электрон журнални ўз вақтида тўлдирмоқда: уй вазифалари ва уларга тушунтиришлар, жорий баҳолар ва улар ҳақида шарҳларни киритмоқда. Биз бу қийин ва узоқ давом этадиган жараён эканлигини тушунамиз, педагог-ўқитувчиларда “эски усулда” ишлаш одати шаклланиб бўлган, ва кўпчилик, электрон журнални ҳозиргача қабул қила олгани йўқ. Аммо, агар озгина сабр-тоқат қилсангиз, янги билим ва имкониятларга очиқ бўлсангиз, ҳамма нарсага эришиш мумкин. 

Кўриниб турибдики, ҳозирда ўқитувчилар икки баробар иш бажаришлари керак: қоғоз ва электрон журналларни тўлдиришлари зарур. Қачон электрон ҳужжат айланувига тўлиқ ўтиш мумкин бўлади?

— Булар қоғоздан “рақам”га ўтиш даврининг қийинчиликлари. Ўқитувчиларнинг ишини енгиллаштириш, уларни қоғозбозлиқ ишларидан халос қилиш ва ўқув жараёни сифатини янада яхшилаш учун электрон журнал ва кундаликлар жорий этилмоқда. Қоғоздан тўлиқ озод бўлиш учун ўқитувчилар тизимни яхши ўзлаштириши ва мактаблар техник жиҳатдан тайёрланиши керак, бунинг учун эса, ўзингиз билганингиздек, вақт зарур. Бу бир кечада бўлмайди, жараён босқичма-босқич бўлади. Баҳолар ва уй вазифалари электрон журналларда қоғоз журналида бўлгани каби пайдо бўла бошлагунга қадар икки томонлама иш юритиш кўзда тутилган. Бу тизим ўзлаштирилганлиги ва унда ишлашга тайёр эканлигидан далолат беради.
Айтганча, яқинда халқ таълими вазирлиги томонидан қоғоз журналдан воз кечиш ва электрон журнални қатъий ҳисобот ҳужжати сифатида юритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши тўғрисида буйруқ чиқарилди. 

Тизим фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари хавфсизлиги ва махфийлиги қандай таъминланади?

— Шахсий маълумотлар ва барча тўпланган маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги орқали давлат назорати остидаги серверларда жойлашган. Kundalik.cом тизими фойдаланувчиларининг шахсий маълумотларини сақланадиган “Kundalik” МЧЖ серверлари Ўзбекистондаги энг йирик алоқа оператори – “Ўзбектелеком” АЖнинг маълумотлар марказида жойлашган. Шахсий маълумотларни сақлаш ва жамоат тармоқлари орқали узатиш Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 июлдаги “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги 547-сонли Қонун талабларига тўлиқ жавоб беради.

 

Шахсий маълумотлар қайта ишлаш учун қаерга ва кимга берилиши мумкин?

Маълумотлар мактаб ходимларига, таълимни бошқариш органлари, Kundalik ходимларига ва шахссизлаштирилган шаклда учинчи шахсларга берилиши мумкин. Тушунтириб ўтаман, учинчи томонлар - бу реклама берувчилар бўлиб, улар Kundalik.com фойдаланувчиларига ўзларининг маҳсулотлари ва хизматлари ҳақида платформамиз аудиториясига мос келадиган шакл, мавзуларда, уларнинг ёшидан келиб чиқиб, маълумот беришлари мумкин бўлади. Шу билан бирга, таъкидлаш керакки, учинчи шахслар тизим фойдаланувчилари тўғрисидаги маълумотларни фақат шахссизлаштирилган шаклда олишлари мумкин. Бироқ, ҳали бу ҳақда гапиришга эрта, чунки Kundalik йўлнинг бошида ва платформада реклама жойлаштирилмаган.

Ўзбекистон учун янги лойиҳада ишлаш мамлакатдаги таълимни ривожлантиришга бўлган нуқтаи назарингизни қандай ўзгартирди?

— Бугунги кунда Тошкентнинг 290 мактаби Kundalik билан иш олиб бормоқда, шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро вилоятлари мактаблари тизимга уланган. Дастлабги натижаларга асосланиб, платформа ҳозирданоқ бир қатор қийинчиликларни ҳал қилишга имкон беради, деган хулосага келиш мумкин. Барчага маълумки, кўплаб мактабларда ўқувчилар сони 40 кишидан ошади. Бундай ҳолатларда ўқитувчи ҳар болага эътибор қаратиш, ҳамма ўз уй вазифасини ёзиб олганми ёки йўқлигини кузатиши қийин. Kundalikда ҳамма нарса: вазифалар, баҳолар, дарс жадвали қайд этилган. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, платформа туфайли ўқувчиларнинг давомати яхшиланди ва арзирли сабабсиз дарсдан қолишлар сони озайди. Ўқувчилар орасида болаларни янги мақсадларга интилишга ундовчи билим олишга, ижодий топшириқлар ва мусобақаларга қизиқишнинг ортиши ҳам анча аҳамиятга эга. Kundalik таълим тўғрисидаги барча маълумотларни бирлаштиради ва ундан таълим жараёнининг барча иштирокчилари фойдаланишлари учун имкон яратади. Шундай қилиб, масалан, тўлиб кетган синфларга доир вазият барча, шу жумладан, директор ва ХТВ ходимлари учун ҳам очиқ бўлади. Тизим муаммоларни барча тушунишини таъминлаши жуда муҳимдир. 

Шахсан сизни платформани амалга ошириш жараёнида нима илҳомлантиради?

— Мен ҳамиша шаклланиб бўлган мутахассисни ҳайратда қолдириш қийин деб ўйлар эдим. Аммо ҳозир, лойиҳада ишлай туриб, бундай эмаслигини тушунаяпман. Мен ҳар куни ўқиш-ўрганишни давом эттирмоқдаман, ўз тажрибамни қўллаган ҳолда, ижодий фикрлаш чегараларини кенгайтирмоқман. Бир ҳафта ичида ўртача уч-тўртта мактаб жамоаси билан танишаман. Ҳар бирида янги нарсаларни кашф этаман. Шунингдек, ишхонамизда ҳам барча қулайликлар маҳайё, турли ёшдаги қизиқарли ҳамкасбларим бор, улар билан биргаликда иш жараёнида иштирок этамиз. Агар лойиҳа биз ўзимиз қўйган чекловларни ўчириб ташласа – бу жуда ажойиб! Шунингдек, янгиланишга муҳтож бўлган соҳага янги технологияларни олиб кираётганим ҳам менга жуда илҳом беради.

Ўзбекистонда Kundalik лойиҳасининг келажагини қандай кўрмоқдасиз?

Kundalik лойиҳасининг Ўзбекистонда келажагига назар ташлар эканмиз, унинг ривожланиши биз янги имкониятлардан қандай фойдаланишимизга боғлиқлигини тушуниш жуда муҳимдир. Мен мактабларда илк ўқув семинарларини ўтказганимда, ўқитувчилар томонидан иккиланиш ва ишончсизлик жуда кўп бўлган. Улар бу янгиликни қўшимча юк сифатида қабул қилишган эди. Аммо, бир неча ой ўтиши билан, етакчи мактаблар, фаол ота-оналар аниқлашиб қолди, улар ҳар куни тизимда ишлаган ҳолда, вақт ва асабни тежаш учун янги имкониятларни кашф эта бордилар. Мен бу лойиҳага жуда қаттиқ ишонаман. Меним фикримча, бу таълимни модернизация қилишнинг энг самарали ва оддий воситаларидан биридир.